Search

Рудакий кўчасида айни вақтда иккинчи босқич ишлари олиб бориляпти

Бир неча йилдирки, Самарқанд шаҳрида кенг миқёсдаги қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Сўнгги вақтларда шаҳарнинг кўплаб марказий кўчалари ёпилди. Кўчалар кенгайтирилмоқда, таъмирланмоқда, уларнинг ёқасидаги турар ва нотурар жойлар бузилмоқда.

Самарқанд шаҳридаги Рўдакий кўчаси анча серқатнов ҳисобланиб, сўнгги бир неча йил давомида талабга жавоб бермаслиги билан аҳолини қийнаб келяпти. Кўча бўйлаб олиб борилаётган қурилиш ва бузилишларнинг адоғи кўринмайдигандек.

«Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» ДУК масъул ходими Элдор Бекмуродов мазкур кўчада қурилиш ишлари қачон якунланиши ва қанча маблағ сарфлангани ҳақида маълумот берди.

«Рудакий кўчасида айни вақтда иккинчи босқич ишлари олиб бориляпти. Яъни, бу босқич Гагарин кўчаси чорраҳасидан Бўстонсарой кўчасигача бўлган масофани қамраб олиб, 1950 метрни ташкил қилади.

Қурилиш-монтаж ишлари ўтган йилнинг декабр ойида бошланди. Йўлнинг эни «қизил чизиқ»қача 34 метрни ташкил қилади. Бунда трамвай йўли, яшил йўлак, пиёдалар ҳамда велосипед йўлакчалари қурилиши ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, лойиҳага кўра тунги ёриткич чироқлари ҳам бўлади.

Қурилиш ишларининг лойиҳа қиймати 30 миллиард сўмни ташкил қилади. Жорий йилнинг октябр ойига қадар кўчада қурилиш-таъмирлаш ишларини якунлаймиз», — деди Элдор Бекмуродов.

Ўтган йили Рўдакий кўчасининг биринчи босқичи — Беруний кўчасидан Гагарин кўчасининг чорраҳасигача бўлган 965 метр қисми фойдаланишга топширилган эди.

manba: kun.uz